Тошкент халқаро аэропорти ва бошқа қатор объектлар Ислам Каримов номи билан аталади
Тошкент. 26 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорни имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу хужжат билан қатор объектларни Ислом Каримов номи билан аташ тасдиқланди. Хусусан, Тошкент давлат техника университетига, Асака шаҳридаги автомобиль заводига, Фарғона шаҳридаги Санъат саройига, Тошкент халқаро аэропортига Ислом Каримов номи берилади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти номи Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий кўчаларга ҳам берилади. Шунингдек, давлат раҳбари ҳар йили Биринчи Президентимиз таваллуд топган сана – 30 январ кунини кенг нишонлаш, 2 сентябр кунини Хотира куни сифатида ёд этишни топширди.
Бундан ташқари, Ислом Каримов сиймоси акс эттирилган махсус почта маркаларини чиқариш, олий ўқув юртлари талабалари учун Ислом Каримов номидаги давлат стипендиясини жорий этиш, унинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида илмий ва бадиий асарлар, ҳужжатли ва бадиий фильмлар яратиш ҳам кўзда тутилмоқда.