Тошкент коллежида Samsung академияси очилади
Тошкент. 25 ноябр. ЎзТАГ – 27 ноябрда Тошкент ахборот технологиялари коллежида (ТАТК) Samsung Инновацион сервис академиясининг очилиш маросими ўтказилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Коллеждан хабар қилишларича, академия 2015 йил 6 июнда Тошкентда таъсисчилар – Samsung Electronics, Ўзбекистон Экология ҳаракати ва ТАТК ўртасидаги уни яратишга доир меморандум доирасида очилмоқда.
Инновацион сервис академияси – Samsung Electronics компаниясининг коллеж талабаларига қўшимча таълим бериш, ёшлар бандлигини таъминлаш ва сервис соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлашнинг янги стандартларини илгари суришга қаратилган стратегик ташаббусидир.
ТАТК мобил қурилмаларни таъмирлаш бўйича мутахассислар тайёрлаш бўйича Ўзбекистондаги илк коллеж бўлади.
Ҳозирда коллежда 3 минг талаба 7 АКТ мутахассислиги бўйича таълим олмоқда. Энди уларга янги икки курс – Samsung мобиль телефонлари ва рақамли телевизорларини таъмирлаш усталари курслари қўшилади.


