“Тошкент-Ленд” паркида анъанавий ҳайрия акцияси ўтказилди
Тошкент. 3 июн. ЎзТАГ – Куни кеча “Тошкент-Ленд” паркида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган анъанавий 18-ҳайрия акцияси ўтказилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агенлиги (ЎзТАГ).
Болалар учун байрам “Соғлом авлод учун” жамғармаси томонидан “Сен ёлғиз эмассан” жамғармаси, Халқ таълими ва Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Тошкент шаҳри ва вилояти ҳокимиятлари билан биргаликда ташкил этилди.
Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, тадбирга пойтахтдаги 21, 22, 23, 30 сонли “Меҳрибонлик” болалар уйлари, Тошкент вилоятидаги 14, 15 сонли болалар уйлари, “SOS – Ўзбекистон болалар шаҳарчаси” тарбияланувчилари, Мудофа вазирлиги ходимларининг боқувчисиз қолган болалари қаторидан 1 мингдан ошиқ болалар таклиф этилди. Улар учун бепул аттракционлар йўлга қўйилиб, музқаймоқ ва салқин ичимликлар тарқатилди.
Маълумот ўрнида, “Соғлом авлод учун” жамғармасининг асосий вазифаси жисмонан ва маънан ҳамда интеллектуал ривожланган ёш авлодни тарбиялаш, истеъдодли болаларни қўллаб-қувватлашдан иборат.