Тошкент марказида “OGU ўрмони” яратилади
Тошкент. 3 май. ЎзТАГ – Бугун Тошкентда “Ўзбекистон нефть ва гази - OGU” Халқаро кўргазма ва конференциясининг 20 йиллигига бағишлаб “OGU ўрмони”га асос солиш маросими ўтказилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
ITE Uzbekistan кўргазма компаниясидан маълум қилишларича, арча ва бошқа дарахтлар кўчатларини Алишер Навоий парки ёнидаги “Байналминал” кўчаси бўйлаб ўтган яшил ҳудудга ўтқазиш режалаштирилмоқда.
Жорий йилда OGU тадбирларининг 20 йиллиги нишонланмоқда. Юбилейга тармоқ экспертлари ва дунёнинг етакчи компаниялари йиғиладилар, кенг кўргазма ва илмий дастур эса углеводород хом ашёси бозорининг асосий масалалаларини қамраб олади.
Хусусан, кўргазманинг йирик иштирокчилари бўлган “Лукойл”, “SOCAR”, “Schlumberger”, “General Electric”, “Hyndai Engineering Cp. Ltd” ширкатлари инновацион технологияларига урғу берадилар.
Халқаро экспертларнинг экологик секциялардаги чиқишлари конференциянинг муҳим мавзуларидан бири бўлади. Конференциянинг илк маърузачилари орасида Еврокомиссия энергетика бўйича раисининг биринчи ўринбосари Марош Шефчович ва Халқаро газ иттифоқининг бош котиби Пол Расмуссенлар бор.
OGU кўргазмаси Ўзбекистон нефтегаз тармоғининг бош воқеасидир. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва “Ўзбекнефтегаз” МХТ томонидан ўтказилмоқда. Кўргазма халқаро нефть ва газ компанияларига энг сўнгги ютуқ ва ишланмаларининг намойиш этиш бўйича олий даражадаги бизнес-платформа тақдим этади. Шунингдек, бу ерда ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар учрашадилар.


