Тошкент МДҲдаги энг оммабоп шаҳарлар ўнталигига кирди

Дата: 12:54, 04-11-2014.

Тошкент. 4 ноябр. ЎзТАГ – Тошкент россиялик сайёҳлар орасида энг оммабоп бўлган ўнта шаҳар ва мамлакатлар рўйхатига кирди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) меҳмонхоналарни олдиндан банд қилиш бўйича Oktogo.ru хизмати маълумотларига асосланган ҳолда.

Россиядаги хизматнинг маълумотларига кўра, ноябр ойидаги таътиллар пайтида сайёҳлар МДҲдаги энг кўп боришни истаган шаҳарлар рўйхатига Минск (Беларусия), Ереван (Арманистон), Астана (Қозоғистон), Боку (Озарбайжон), Киев (Украина), Бишкек (Қирғизистон), Кишинёв (Молдавия), Алма-Ата (Қозоғистон), Витебск (Беларусия) ва Тошкент (Ўзбекистон) шаҳарлари кирди.

Тадқиқот туроператорлар кўмагисиз саёҳатга чиқаётган россиялик сайёҳларнинг 1-4 ноябр кунлари учун меҳмонхоналарни олдиндан банд қилишга доир маълумотлари асосида амалга оширилган.

Хизмат вакилларининг сўзларига кўра, МДҲга ташрифлар сонининг ўсиши виза чеклови йўқлиги ва дам олиш харажатларининг қиммат эмаслиги билан боғлиқ.

Тадқиқот маълумотларига кўра, байрам кунлари россиялик сайёҳлар МДҲ мамлакатларига 3 кунга борадилар ва меҳмонхоналарда яшаш учун кунига ўртача 3,5 минг рублдан тўлайдилар.

МДҲ мамлакатлар орасида энг давомли саёҳат Арманистон пойтахтига (5 кун) уюштирилса, энг қисқа саёҳат Қозоғистон пойтахтига (2 кун) қилинади.

Яшаш харажатлари бўйича МДҲдаги энг қиммат шаҳар Астана шаҳри, энг арзони эса Кишинёв бўлиб чиқди. Астанада россиялик сайёҳ меҳмонхонада бир кун учун ўртача 7,2 минг рубл тўласа, Кишиневда бунинг учун атига 1,5 минг рубл бериш керак холос.

Бундан ташқари, россиялик сайёҳлар орасидаги МДҲдаги энг оммабоп мамлакатлар Беларусия, Қозоғистон, Украина, Арманистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Молдавия ва Ўзбекистонлиги маълум бўлди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: