Тошкент метрополитени Ўзбекистон пойтахтининг энг олис туманигача етиб боради

Дата: 18:33, 06-01-2017.

Тошкент. 6 январ. ЎзТАГ – 2017-2020 йилларда Тошкент метрополитени Ўзбекистон пойтахтининг энг олис тумани – Сергелигача етиб боради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

Бу ҳақида 5 январда Молия вазирлиги хабар қилди. “Тошкент метрополитениинг Сергели линияси қурилиши” лойиҳасининг қиймати $170,1 млнга тенг.

Бунинг $70,1 млни бюджетдан, $35,1 млни Тикланиш ва тараққиёт фонди кредити, $64,9 млни қонунчиликда таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади.

Фонд кредити импорт жиҳозлар, эҳтиёт қисмлар ва материаллар сотиб олиш, чет эл мутахассисларини жалб қилган ҳолда лойиҳа хужжатларини экспертизадан ўтказиш, қурилиш олиб борилиши ва техник назорат қилиш, зарур бўлганда чет эл пудратчи ташкилотларини махсус қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш ва лойиҳани амалга ошириш доирасида жалб этишга,бошқа валюта харажатлари, шунингдек пудратчи ташкилотларини техника таъминоти учун ажратилади.

Янги линия қурилишининг буюртмачиси “Ўзбекистон темир йўллари” АЖдир.

Бундан ташқари, лойиҳани амалга ошириш доирасида барча лойиҳа иштирокчилари 2020 йил 1 январга қадар товарлар ва ишлар (хизматлар), шу жумладан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар томонидан амалга оширилган ишлар (хизматлар) қўшилган қиймат солиғидан, Республика йўл жамғармаси ва бюджетдан ташқари умумий таълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббий муассасаларни капитал таъмирлаш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш Жамғармасига мажбурий ажратмалар ва йиғимлардан, лойиҳани амалга ошириш доирасида харид қилинаётган мол-мулк учун солиғидан озод қилинган.

Ходимлар бепул овқат билан таъминланган тақдирда таалуқли харажатлар юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, ягона ижтимоий тўлов, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солиққа тортиш базасидан чиқарилиши белгиланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: