Тошкент метрополитенида NFС асосида тўлов тизимини ўрнатиш режалаштирилмоқда

Дата: 10:25, 27-03-2019.

Тошкент. 27 март. ЎзТАГ – Тошкент метрополитенида Near field communication (NFC – “яқин масофадаги алоқа”) асосида тўлов тизимини ўрнатиш режалаштирилмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Бодомзор” ва “Мустақиллик майдони” метро станцияларидаги тест режимида ишлатиладиган электрон тўлов тизими бошқа метро станцияларида ҳам жорий қилинади. Шунингдек, NFС асосида пластик карточкалар ва ушбу тизимни қўллаб-қувватловчи барча электрон оммавий ахборот воситалари орқали тўловларни амалга ошириш имконини берадиган замонавий автоматлаштирилган тўлов тизимини ўрнатиш режалаштирилган”, - дейилади “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси ахборот хизмати хабарида.

Бундан ташқари, юқорида айтиб ўтилганидек, “Алишер Навоий” ва “Пахтакор” станцияларида 512 Кбит/с тезликда ишлайдиган бепул Wi-Fi хизмати (ички ресурсда) мавжуд. Симсиз Интернет синов режимида ишлайди.

“Ҳозирги кунда барча метро станцияларида симсиз Интернетдан фойдаланишни кенгайтириш бўйича ишлар босқичма-босқич олиб борилмоқда”, - дейилади хабарда.

Сурат манбаи: biztech.gr

Янгилик билан ўртоқлашиш: