Тошкент Навоий ғазалларига битилган қўшиқларнинг ноёб ёзувлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

Дата: 14:02, 05-07-2017.

Тошкент. 5 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон Миллий кутубхонасида шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ғазаллари билан айтиладиган қўшиқлар жамланган грампластинкалар тўпламлари кўргазма бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Кутубхона маълумотларига кўра, тадбир “Мусиқа атрофимизда, уни эшита билиш керак” мавзусидаги кўргазманинг давоми ҳисобланади.

Бу сафар кутубхона фойдалнувчилари шоирнинг О.Хотамов, О.Алимаҳсумов, А.Тўйчиев, И.Катаев, Ш.Ҳошимов ва бошқалар томонидан куйланган  “Ушшоқ”, “Сегоҳ”, “Билдим”, “Қўшчинор” ва бошқа ғазаллари ёғилган ноёб грампластинкаларни кўришлари мумкин.

Бугунги кунда ушбу грампластинкаларни эшитиш учун махсус мосламаларни топиш бир оз мушкул. Кутубхонада ушбу грампластинкаларда сақланаётган маълумотларни замонавий дискларга кўчириб ўтказишга имкон берувчи ускуналар мавжуд. Бу ҳол ноёб ёзувларнинг йўқолиб кетишига йўл қўймайди.

Ушбу кўргазмага қўйилган ушбу асарлар аҳолининг кенг қатламига, айниқса, мумтоз қўшиқларни тинглашни ёқтирадиган ёшларнинг қизиқишларини уйғотишига хизмат қилади ва барчага бирдек манзур бўлади.

Кўргазмага ташриф буюрувчилар Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг “Ижод” залида шоир ғазаллари билан айтиладиган қўшиқларни эшитишлари ҳамда манзур бўлганларининг электрон вариантларини олиш имкониятига эга бўладилар.

Кўргазма жорий йилнинг 31 июлига қадар давом этади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: