Тошкент ҳокими қишга тайёргарликни 10 октябрга тугаллашни буюрди

Дата: 10:52, 11-09-2015.

Тошкент. 11 сентябр. ЎзТАГ - Тошкент ҳокими қишга тайёргарликни 10 октябрга тугаллашни буюрди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ушбу фармойишдан кўзланган асосий мақсад Тошкент шаҳрида кўп қаватли уй-жойларни ва ижтимоий соҳа объектларини қиш мавсумига тайёрлаш ишларини якунлаш ҳамда ҳудудларнинг санитар ҳолатини яхшилаш ва хазонрезги мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича жорий йил 10 сентябрдан 10 октябргача сафарбарлик эълон қилинди”, - дейилади Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати хабарида.

Бу ишлар Тошкент ҳокимининг “2015-2016 йиллар қиш мавсумини беталофат ўтказишга тайёргарлик кўриш ишларини якунлаш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 159-Ф сонли фармойиши билан кўзда тутилган бўлиб, унда 2015-2016 йилда кўп қаватли уй-жойларни ва ижтимоий соҳа объектларини қиш мавсумига тайёрлаш ишларини якунлаш вазифалари белгиланган.

“Ушбу мақсадларда ҳар бир маҳаллада округ раҳбари, маҳалла оқсоқоли, тегишли ХУЖМШ ва ижтимоий соҳа объектлари раҳбарлари, коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари вакиллари ҳамкорлигида гуруҳлар тузилиб, кўп қаватли уй-жой фонди ҳамда ижтимоий соҳа объектлари ҳолати яна бир маротаба ўрганилиб, аҳоли томонидан келиб тушган мурожаатлар асосида аниқланган камчилик  ва муаммоларни жорий йилнинг 10 октябрга қадар якунлаш белгиланди”, - деб таъкидланади хужжатда.

Кўп қаватли уй-жойларнинг том ва ертўла қисмлари, кириш йўлаклари ҳолати, ижтимоий соҳа муассасаларида иссиқликни сақлаш бўйича аҳвол жамоатчилик комиссиялари томонидан жойида кўриб чиқилиб, жамоатчилик далолатномалари расмийлаштирилади.

Ушбу мақсадларда коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва туман ҳокимликлари томонидан юзага келган авариявий узилишларни тезкор бартараф этиш учун жалб қилинадиган бригадалар зарур транспорт воситалари, механизм ва жиҳозлар, ҳамда заҳира материаллари билан таъминланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: