Тошкент ҳокими пойтахтдаги транспортни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш муддатларини белгилади

Дата: 15:43, 03-03-2015.

Тошкент. 3 март. ЎзТАГ – Тошкент ҳокими 2015 йилда Тошкент шаҳридаги транспорт воситалари ва уларнинг прицепларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш муддатларини белгилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунга доир маълумот Norma.uz сайтида мавжуд.

Хужжат билан Тошкент шаҳридаги транспорт воситалари ва уларнинг прицепларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш бўйича комиссия таркиби ва уни ўтказиш графиги тасдиқланди.

Тошкентда 8 ва ундан ошиқ ўриндиқларга эга бўлган ва пассажирлар ташиш учун ишлатилаётган енгил тижорат автомобиллари, автобус, трамвай ва юк автомобиллари, йирик ўлчамли транспорт воситалари ва уларнинг прицеплари йилига 2 марта техник кўрикдан ўтказилади. Биринчи кўрик − 1 мартдан 30 июнгача, иккинчиси − 1 сентябрдан 31 октябргача. Ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ошмаган транспорт воситалари ҳар 2 йилда бир марта, ишлаб чиқарилган йилини қўшиб ҳисоблаганда 5 ва ундан кўп йил олдин чиқарилган транспорт воситалари – йилига бир марта техник кўрикдан ўтказилади.

Юридик шахсларга тегишли бўлган транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш 1 мартдан 30 июнга қадар амалга оширилади.

Жисмоний шахсларга тегишли бўлган транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш 31 августга қадар амалга оширилади, дейилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: