Тошкент ҳокимининг қарорига кўра Интернет-кафелар фақат кеч соат 9гача ишлаши мумкин

Дата: 22:26, 25-02-2015.

Тошкент. 25 феврал. ЎзТАГ – Тошкент ҳокимининг қарорига кўра Интернет-кафелар фақат кеч соат 9гача ишлаши мумкин, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Тошкент шаҳрида интернет тармоқлари ва компьютер орқали хизмат кўрсатувчи хўжалик субъектларининг фаолиятини мувофиқлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланган хужжат “Тошкент окшоми”-“Вечерний Ташкент” газеталари сайтида эълон қилинган.

Қарор матнида айтилишича, дарс ва тунги вақтларда вояга етмаган ёшлар бундай муассасаларда бўлмаслигини лозим. Чунки “мазкур муассасалар иш тартибига кўра соат 21:00 гача ишлайди”.

Бундан ташқари, “мазкур муассасаларга вояга етмаган ўқувчиларнинг дарс ва кечки вақтда ота-онасидан бири ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг кузатувисиз киритилиши таъқиқланади”. Шунингдек, “беҳаёлик, шафқатсизлик, диний экстремизм, миллатчилик, қимор шаклидаги ва маънавиятга зид бўлган мазмундаги диск, веб-сайт, фильм, ўйин, маълумот ва бошқа материаллар муассасанинг компьютер хотирасида бўлиши ҳамда интернет тармоғи орқали фойдаланилиши таъқиқланади”. Шу билан бирга “интернет тармоқларидан фойдаланиш хоналари ва компьютер ўйингоҳларида беҳаёлик, зўравонлик ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи плакат, реклама ва воситалардан фойдаланиш мумкин эмас”.

Янгилик билан ўртоқлашиш: