Тошкент ҳокимияти Анҳор канали атрофини ободонлаштирмоқда

Дата: 16:35, 15-05-2014.

Тошкент. 15 май. ЎзТАГ – Тошкент ҳокимияти Анҳор канали атрофини ободонлаштирмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Тошкент шаҳар ҳокимияти сайтидаги маълумотларга асосланган ҳолда.
Мазкур ободонлаштириш ишлари майдони узунлиги 2,2 кмни ташкил этиб, у “Анҳор” кафесидан бошланиб, пойтахтдаги кичик ҳалқа йўлигача чўзилган.
“Анҳорнинг сув оқиб ўтувчи қисми бетонлаштирилиб канал йўли тартибга солинади. Ундан 2.5 метр юқорида 1.2 метрлик темир панжаралар ўрнатилади. Сув йўллари, каналлар ёқалаб назорат йўлаги тортилади. Турли рангдаги бетон брусчаткалар билан қопланган сайр йўлагининг кенглиги 7 метрни ташкил қилади. Ушбу йўл, асосан, пиёдаларнинг сайр қилиши, жазирама кунларда каналдан оқиб ўтадиган сувнинг салқин эпкинларидан баҳраманд бўлиб ҳузурланиши учун мўлжалланган. Шу билан бирга йўлак зарур бўлганда ҳудудларни таъмирлаш, қирғоқ бўйлаб жойлашган бино ва иншоотларга хизмат кўрсатиш, йўлакларни ёритиш масалаларида тегишли ишларни амалга оширувчи махсус техникалар учун ҳам зарур бўлади. Шу сабабли ҳам у “назорат йўлаги” дейилади”, - деб таъкидлади тошкент ҳокимияти ахборот хизмати бошлиғи Хусан Эрматов.
Шунингдек, ободонлаштириш режасида Анҳор ёқалаб “Болалар парки” ва “Аквапарк” қурилиши назарда тутилган, дейилади хужжатда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: