Тошкент ҳокимияти “маст кўча” номи билан машҳур бўлган кўчадаги кафе, пивохона ва кабобхоналарни бузишни бошлади

Дата: 15:51, 01-03-2017.

Тошкент. 1 март. ЎзТАГ – Тошкент ҳокимияти Госпиталь бозори рўпарасидаги “маст кўча” номи билан машҳур бўлган кўчадаги кафе, пивохона ва кабобхоналарни бузишни бошлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, бу Ўзбекистон пойтахти Миробод тумани собиқ Кўнаев кўчасидир.

Қизиғи, Facebookдаги “Потребители.уз” саҳифасида кишилар бу янгиликка турлича муносабатда бўлдилар. Баъзилар арзонгина қорин тўйдириш мумкин бўлган севимли жойларидан ажралганидан хафа бўлса, бошқалар ҳокимият бу жойни бузиб ташлаётганидан хурсанд.

Маълумотларга кўра, кафе эгалари бузилиш ҳақида икки ҳафта олдин огоҳлантирилган.

Маълумот ўрнида, юқорида номи келтирилган кўча Тошкентдаги турли кафе ва ошхоналар билан бошидан охиригача тўлиқ бўлган ягона кўчадир. Бу ердаги ичиш муассасалари ва кафелар тарқоқ ҳолда, лекин бир қатор жойлашган. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: