Тошкент ҳокимияти Муқимий кўчасидаги йўлни 22 августда очишга ваъда берди

Дата: 15:05, 16-08-2016.

Тошкент. 16 август. ЎзТАГ – Тошкент шаҳар ҳокимияти ўз сайтида пойтахт йўлларининг кенг кўламли таъмири билан боғлиқ ноқулайликлар учун ҳайдовчилар ва йўловчилардан узр сўради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ҳокимият ўз хабарида Муқимий кўчасида йўл ўтказгич қурилиши ҳисобига бунёд этилаётган янги халқа йўл қурилиши жараёнида ушбу кўчалар ва улар билан кесишган баъзи кўчаларда йўлларнинг ёпиб қўйилиши, вақтинча ҳаракатнинг чекланиши туфайли юзага келаётган тирбандликларга сабаб бўлган қурилиш ишлари 22 августда ниҳоясига етишини маълум қилган. Шу санадан кейин йўл автомобилчи ва жамоат транспорти учун тўлиқ очилади.

Эслатиб ўтамизки, ҳозирда пойтахтда учинчи транспорт ҳалқаси қурилиши якунланмоқда. Бу йўналишдаги энг катта лойиҳалардан бири – Муқимий ва Шота Руставели кўчалари кесишган жойда йўл ўтказгичнинг барпо этилиши бўлди.

Мазкур 150 даража радиусли ёйсимон шаклга эга объект ўз конструкцияси бўйича Ўзбекистондаги илк шу каби иншоот бўлади. Янги эстакаданинг умумий узунлиги бир километрдан бир озни ташкил қилади.  Ҳар икки томонда автомобилчиларга икки полосали йўл бўлади. Пиёдаларга қулай бўлиши учун бу ерда лифт ва эскалаторлар билан жиҳозланган ер усти ўтиш йўлаги барпо этилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: