Тошкент паркларининг бирида инновациялар лабораторияси очилди

Дата: 15:40, 10-07-2014.

Тошкент. 10 июл. ЎзТАГ – 9-11 июл кунлари Тошкент паркларининг бирида “Креатив фикрлаш лабораторияси” номли уч кунлик тренинг бўлиб ўтмоқда. Бу ерда одатдаги нарсалардан янги жиҳатларини топа билиш ва уларни кундалик ҳаётда қўллашга ўргатилмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу лаборатория БМТТД “Ўзбекистонда ижтимоий инновациялар ва кўнгиллилик” лойиҳасининг навбатдаги ташаббусларидан биридир.
Тренинг доирасида бугунги ҳаётимиздаги кўпчилик нарсалар қайта ишлатилишга муҳтожлиги қайд этилди. Масалан, ҳаммага маълум бўш баклашкалардан ёритгичлар, саватлар ва бошқа кўплаб нарсалар ясаш мумкин.
“Кишиларнинг оддий нарсаларга қарашини ўзгартиш зарур ва ушбу ёндашувни кўплаб йўналишларда қўллаш зарур. Хусусан, ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат қилиш борасида атрофимиздаги имкониятларни кўра билиш ва уларни бирлаштириш жуда муҳим. Ижтимоий инновациянинг асосий принципи ҳам шунда”, - деди лойиҳа раҳбари Баҳодир Аюпов.
Тренингнинг якунловчи кунида иштирокчилар томонидан ўтган уч кун ичида яратилган барча инновацион ечимлар намойиш этилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: