Тошкент педуниверситети мамлакат пойтахтининг Чилонзор туманига кўчади
Тошкент. 31 май. ЎзТАГ – Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети (ТДПУ) мамлакат пойтахтининг Чилонзор туманида жойлашган 1-Тошкент педагогика коллеж биносига кўчади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу ҳақида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг ТДПУ фаолиятини янада такомиллаштириш чораларига доир 2016 йил 13 майдаги 153-қарорида айтилади.
Давлат рақобат қўмитаси, Олий таълим вазирлигига кўрсатилган манзилдаги бинони ТДПУ беғараз тарзда бериш топширилган.
Шунингдек, қарорда ТДПУ вазифалари ҳам белгиланган. Улар орасида мамлакат узлуксиз кадрлар тайёрлаш тизими учун педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишини халқаро талаблар даражасида таъминлаш, давлат таълим стандартлари, ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқиш кабилар бор.
Бундан ташқари, ТДПУ мамлакатда педагогик, инженер-педагогик ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширувчи олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг илмий-педагогик ва ўқув услубий фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси юкланган.