“Тошкент” РФБ ҳафталик айланмаси 2,5 млрд сўмни ташкил қилди

Дата: 17:35, 11-10-2016.

Тошкент. 11 октябр. ЎзТАГ – Бир ҳафтада “Тошкент” Республика фонд биржаси савдоларида 12та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 49та битим қайд қилиниб, 506,7 минг дона акция 2,5 млрд сўмга сотилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

РФБ маълумотларига кўра, энг йирик битим 3 октябр санасида “Muborak neft gaz montaj” АЖнинг 87,8 минг дона акцияси билан 987,0 млн сўм миқдорида тузилди.

Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни “Muborak neft gaz montaj” АЖ (ҳафталик савдо айланмасининг – 40,1%), “Neftgaztadqiqot” АЖ (24,9%), “Neft va gaz ishlab chiqarishni ta'mir” АЖ (21,7%), “Peshku paxta tozalash” АЖ (6,6%) ва “Buxoro paxta” АЖ (3,9%) ташкил этди. Бу ҳафталик савдо айланмасининг 97,2%ини ташкил этади.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистоннинг 6 ҳудудида жойлашган листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари имзоланди. Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Қашқадарё (61.7%) ва Бухоро вилоятларидаги (32,2%) акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди. 

Фонд биржасида йил бошидан буён 172,9 млрд сўмлик 2242та савдо битими қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 103 та эмитентнинг 223,3 млн дона қимматли қоғозлари сотилган.

Тармоқ кесимида банк тармоғи етакчилик қилмоқда (55%), бу пул ҳисобида 94,6 млрд сўмни ташкил қилади.

$1= 3046,85 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: