“Тошкент” РФБ ҳафталик айланмаси 4 бараварга ўсди

Дата: 16:09, 26-05-2015.

Тошкент. 26 май. ЎзТАГ – 18-22 май орасида “Тошкент” Республика фонд биржасининг (РФБ) ҳафталик умумий айланмаси 3 млрд 453,2 млн сўмни ташкил этиб, бундан олдинги ҳафтадагига қараганда (11-15 май – 838 млн сўм) 4 бараварга ўсди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

РФБ матуот хизмати ҳабарига кўра, кўрсатилган муддатда 8 акционерлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 39 олди-сотди битимлари тузилиб, 1,6 млн акция сотилган.

Биржа умумий савдо айланмасида қимматли қоғозлар бирламчи бозорининг улуши юқорилиги қайд этилди. Унинг савдо айланмасидаги улуши 88,5% ёки 3 млрд 55,4 млн сўмни, иккиламчи бозор улуши эса 11,5% ёки 398 млн сўмни ташкил этди. Айни пайтда бирламчи бозордаги айланма ўтган ҳафта билан солиштирганда 15 мартага (201 млн сўм) ўсди.

Биржа умумий савдо айланмасининг асосий қисмини молия хизмати секторидаги компанияларнинг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлар ташкил қилди. Ҳафта давомида энг юқори талаб биржа листингининг “А” тоифасига кирувчи тижорат банклари қимматли қоғозларига нисбатан кузатилди. Уларнинг қимматли қоғозлари билан тузилган битимлар ҳажми умумий биржа айланмасида 99% ёки 3,423 млрд сўмни ташкил қилди.

Эслатиб ўтамизки, йил бошидан бери биржада қимматли қоғозлар билан умумий қиймати 78 млрд 265,5 млн сўмлик 1,082 минг битим тузилди. Бу ўтган йилнинг муқобил давридагига қараганда (26,216 млрд сўм) 3 бараварга кўп. Натижада 135 млн дона қимматли қоғозлар сотилди (2014 йилнинг 1-чорагида 46 млн дона).

$1 = 2532,34 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: