“Тошкент” РФБ ҳафталик айланмаси 433 млн сўмни ташкил қилди

Дата: 21:56, 12-05-2015.

Тошкент. 12 май. ЎзТАГ – 4-8 май орасида “Тошкент” РФБ ҳафталик айланмаси 433 млн сўмни ташкил қилди, деб хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Биржадан хабар қилишларича, биржа савдоларида 5 акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 137та битимлар қайд қилиниб, натижада 635 минг дона қимматли қоғозлар сотилган.

Биржа умумий савдо айланмасида қимматли қоғозлар иккиламчи бозорининг улуши юқорилигича қолмоқда. Унинг савдо айланмасидаги улуши 51% (220 млн сўм), бирламчи бозор улуши эса 49% (213 млн сўм) ташкил этди.

Битимларнинг кўп қисми молия хизмати тармоғидаги компанияларнинг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Ҳафта давомида энг юқори талаб биржа листингининг “А” тоифасига кирувчи тижорат банклари қимматли қоғозларига нисбатан кузатилди. Уларнинг қимматли қоғозлари билан тузилган битимлар ҳажми умумий биржа айланмасида 94% ёки 407 млн сўмни ташкил қилди.

Биржа савдо айланмасида эмитентлар орасида “Kapitalbank” АТБ пешқадам бўлиб турибди. Ўтган ҳафта унинг 168 млн сўмлик қимматли қоғозлари сотилди.

Қимматли қоғозлар савдоларида 12 брокерлик идоралари иштирок этди. Тузилган битимларнинг аксари “Tat Reestr” (савдо айланмасининг 19,43%), “Full Stock Group” (савдо айланмасининг 19,37%) ва “Universal Depozit” (савдо айланмасининг 19,37%) ҳиссаларига тўғри келди.

Биржа битимларининг энг юқори ҳажми, яъни 88% ёки 380 млн сўми Тошкент шаҳридаги акциядорлик жамиятлари ҳиссасига тўғри келмокда.

$1 = 2522,73 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: