“Тошкент” РФБ ҳафталик айланмаси деярли 400 млн сўмни ташкил қилди

Дата: 17:32, 21-02-2017.

Тошкент. 21 феврал. ЎзТАГ – 13-17 феврал кунлари “Тошкент” Республика фонд биржаси савдоларида 11та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 32та битим қайд қилинди. Натижада, 428,3 минг дона акция 389,6 млн сўмга сотилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

РФБ маълумотларига кўра, жами савдо айланмасининг 77,3% тижорат банкларининг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган. Энг йирик битим 14 февралда “Kapitalbank” АТБнинг номинал қиймати 950 сўм бўлган 260 минг дона акцияси билан 247,0 млн сўм миқдорида тузилди.

Ўтган ҳафтада “Marg'ilon fayz savdo kompleksi” АЖ тузилган савдо битимлари сони бўйича етакчилик қилиб, ҳафта давомида ушбу жамиятнинг 57,4 минг дона акциялари билан 58,0 млн сўмлик 10та савдо битими имзоланди. Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни “Kapitalbank” АТБ (ҳафталик савдо айланмасининг 63,4%), “Marg'ilon Fayz savdo kompleksi” АЖ (14,9%), “Universal bank” ХАТБ (12,8%), “Chilonzor buyum savdo kompleksi” АЖ (6,1%) ва “Toshkentvino kombinati” АЖ (1,1%) ташкил этди. Бу ҳафталик савдо айланмасининг 98,3%ни ташкил этади.

Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент шаҳри (71,8%) ва Фарғона вилоятидаги (27,8%) акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди.

Эслатиб ўзтамизки, фонд биржасида йил бошидан буён 11,5 млрд сўмлик 288та савдо битими қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 42та эмитентнинг 8,3 млн дона қимматли қоғозлари сотилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: