“Тошкент” РФБ ҳафталик савдолари ҳажми 1 млрд сўмни ташкил қилди

Дата: 15:06, 19-09-2017.

Тошкент. 19 сентябр. ЎзТАГ – 2017 йилнинг 11-15 сентябр кунлари “Тошкент” Республика фонд биржаси савдоларида 18 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 66 та битим қайд қилиниб, 720,5 минг дона акция 1 млрд сўмга сотилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

РФБ маълумотларига кўра, жами савдо айланмасининг 76,1% тижорат банкларининг ва 21,4% агросаноат мажмуасига мансуб акциядорлик жамиятлари қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлди. Энг йирик битим 12 сентябр санасида “Turkiston” ХАТБнинг 239,5 минг дона акцияси билан 239,5 млн сўм миқдорида тузилди.

Шунингдек, тузилган битимлар сони бўйича етакчиликни “Marg'ilon Fayz savdo kompleksi” АЖ эгаллаган ҳолда, ҳафта давомида ушбу жамиятнинг 16,7 минг дона акциялари билан 16,9 млн сўмлик 18 та битим амалга оширилди.

Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни “Turkiston” ХАТБ (ҳафталик савдо айланмасининг – 37,6%), “Universal bank” ХАТБ (21,5%), “Guliston Ekstrakt-Yog'” АЖ (20,9%) ҳамда “Turonbank” АТБ (14,8%) ташкил этди. Булар ҳафталик савдо айланмасининг 95%ини ташкил этади.

Ўтган ҳафта фонд биржасида республикамизнинг 7 та ҳудудида жойлашган листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари имзоланди. Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент шаҳри (55,2%) ва Фарғона (23,1%) вилоятидаги акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди.

Қимматли қоғозларнинг номинал нархига нисбатан юқори даражадаги фарқ “Shifobaxsh buloq” АЖ акциялари билан тузилган савдо битимида кузатилди. Бунда нисбат – 53,54:1ни ташкил қиллди. Ушбу акциядорлик жамияти бир дона акциясининг савдо кунидаги биржа нархи 40 минг сўмдан иборат бўлди. Акциянинг номинал қиймати эса 747 сўмни ташкил қилади. “Guliston Ekstrakt-Yog'” АЖ бўйича худди шу нисбат – 14,40:1га тенг бўлди. Ушбу эмитент бир дона акциясининг савдо кунидаги биржа нархи 28,8 минг сўмдан иборат бўлди. Акциянинг номинал қиймати 1999 сўмни ташкил қилади.

 “Тошкент” РФБа йил бошидан буён 66,6 млрд сўмлик 1862 та савдо битими қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 82 та эмитентнинг 1,2 млрд дона қимматли қоғозлари сотилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: