“Тошкент” РФБ кейинги беш йилда рекорд даражадаги битимлар сони қайд этилди

Дата: 18:10, 14-01-2016.

Тошкент. 14 январ. ЎзТАГ – 2015 йилда “Тошкент” Республика фонд биржасида 2794 битим тузилди, бу эса кейинги беш йилдаги рекорд натижадир, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат рақобат қўмитасидан хабар қилишларича, ушбу кўрсаткич 2014 йилга нисбатан 893 битимга ўсди. Йил мобайнида фонд биржаси савдо айланмасининг умумий ҳажмида ҳам сезиларли ўсиш кузатилиб, йил бошидан буён биржа савдо айланмаси 161 млрд сўмни ташкил қилди ва 2014 йилга (97,6 млрд сўм) нисбатан 1,7 мартага ошди. Бу даврда биржа савдолари орқали 78та акциядорлик жамиятининг 357 млн дона қимматли қоғозлари билан биржа битимлари амалга оширилди.

Умумий биржа савдо айланмасида қимматли қоғозлар иккиламчи бозорининг улуши 58,8%ни ёки 94,7 млрд сўмни ташкил этди. Бу 2014 йилга (32,2 млрд сўм) нисбатан деярли 3 мартага юқоридир. Шундан 7,5 млрд сўмлиги корпоратив облигациялар билан имзоланган битимлардир.

Иккиламчи бозор айланмаси 2014 йилга солиштирганда деярли 3 бараварга ошди. Иккиламчи қимматли қоғозлар савдоси айланмаси 58,8% қилди ва ўтган йилга нисбатан 33% кўпайди. Бирламчи бозорнинг ялпи улуши 41,2% ёки 66,3 млрд сўмни ташкил этди.

Биржа умумий савдо айланмасида банк секторининг улуши юқори бўлиб, савдо айланмасининг 87,8% ёки 141,4 млрд сўмлик ҳажми тижорат банкларининг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлар ҳиссасига тўғри келади. Агросаноат мажмуасининг улуши эса – 7,4% ёки 11,8 млрд сўмга етди.

Фонд биржасининг умумий савдо айланмаси таркиби инвесторлар тоифасига кўра таҳлил қилинганда, унинг асосий қисми, яъни 81,8% (95,0 млрд сўм) юридик шахслар томонидан киритилган инвестициялардир. Шунингдек, ўтган йил давомида фонд биржаси савдоларида жисмоний шахсларнинг иштироки сезиларли даражада фаоллашиб, рўйхатга олинган умумий битимлар сонининг 77% ёки 2153 донаси жисмоний шахслар иштирокида амалга оширилган.

Эслатиб ўтамизки, 2015 йил бошида биржа котировкаси рўйхатида 133 акционерлик компаниялари мавжуд эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: