“Тошкент” РФБ савдоларида акционерлик жамиятларидан бири акцияларининг бозор қиймати 53 бараварга ўсди

Дата: 18:22, 04-04-2017.

Тошкент. 4 апрел. ЎзТАГ – 27-31 март кунлари “Тошкент” РФБ савдоларида “SHifobaxsh buloq” АЖ бир дона акциясининг бозор қиймати 53,54 бараварга ўсиб, 747 сўмдан 40 минг сўмгача ошди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Шунингдек, РФБ маълумотларига кўра, номиналга нисбатан баҳонинг энг кўп фарқи “Toshkentvino kombinati” АЖ акциялари бўйича (нисбат 6,25:1) – номинал қиймати 4 минг сўм, биржа нархи 25 минг сўм,  “Olchazor aziya” АЖ (нисбат – 6:1) – номинал қиймати 5 минг сўм, биржа нархи 30 минг сўм) акциялари бўйича кузатилди.

Ўтган ҳафта “Тошкент” Республика фонд биржаси савдоларида 13 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 30 та битим қайд қилиниб, 242,2 минг дона акция 177,2 млн сўмга сотилди.

Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 27,1% транспорт соҳасидаги компанияларнинг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлганини кўрсатди.

Энг йирик битим 27 март санасида “Olchazor aziya” АЖнинг 3,2 минг дона акцияси билан 97,2 млн сўм миқдорида тузилди.

Фонд биржасида йил бошидан буён 19,9 млрд сўмлик 491 та савдо битими қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 49 та эмитентнинг 136,8 млн дона қимматли қоғозлари сотилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: