“Тошкент” РФБ ва Япония фонд биржаси ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзолади

Дата: 13:14, 08-04-2014.

Тошкент. 8 апрель. ЎзТАГ. – Тошкентда Ўзбекистон қимматли қоғозлар бозори мутахассислари ва Япония фонд биржаси (JPX) вакиллари иштирокида доира суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда фонд бозорини ривожлантиришга доир биргаликдаги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Учрашув доирасида “Тошкент” РФБ ва Япония фонд биржаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Унда иккитомонлама ҳамкорлик соҳалари ва йўналишларини аниқлаш, биргаликда лойиҳаларни амалга ошириш кабилар кўзда тутилган. Шунингдек, меморандум биржа соҳасига инвестициялар жалб қилишни рағбатлантиради”, деб таъкидлашди “Тошкент” РФБ матбуот хизматида.
Бугунги кунда “Тошкент” РФБ листингида 128 акционерлик жамиятларининг акциялари мавжуд, уларнинг биржа айланмасидаги улуши 2013 йил якунлари бўйича 82,5% ташкил этди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: