“Тошкент” РФБда 1,8 млрд сўмлик акциялар сотилди

Дата: 18:29, 23-08-2017.

Тошкент. 23 август. ЎзТАГ –14-18 август кунлари “Тошкент” Республика фонд биржаси савдоларида 14 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 53 та битим қайд қилиниб, 1,5 млн дона акция 1,8 млрд сўмга сотилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 86,2% тижорат банкларининг, 9,5% транспорт тармоғидаги акциядорлик жамиятларининг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлганини кўрсатди. Энг йирик битим 15 август санасида “Turkiston” ХАТБнинг акциялари билан 1 млрд сўм миқдорида тузилди.

Шунингдек, тузилган битимлар сони бўйича етакчиликни “Granit” АЖ эгаллаган ҳолда, ҳафта давомида ушбу жамиятнинг 17,2 минг дона акциялари билан 172,9 млн сўмлик 17 та битим амалга оширилди.

Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни “Turkiston” ХАТБ (ҳафталик савдо айланмасининг – 74,7%), “Universal bank” ХАТБ (11,4%) хамда “Granit” АЖ (9,8%) ташкил этди. Бу ҳафталик савдо айланмасининг 95,9%ни ташкил этади.

Ўтган ҳафта фонд биржасида республикамизнинг 6 та ҳудудида жойлашган листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари имзоланди. Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент шахри (75,2 %), Фарғона (14,6%) ва Самарқанд (9,9%) вилоятларидаги акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди.

Фонд биржасида йил бошидан буён 57 млрд сўмлик 1620 та савдо битими қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 77 та эмитентнинг 1,2 млрд дона қимматли қоғозлари сотилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: