“Тошкент” РФБда ҳафталик савдолар ҳажми 7,1 млрд сўмни ташкил қилди
Тошкент. 26 декабр. ЎзТАГ – 17-21 декабр кунлари “Тошкент” Республика фонд биржаси савдоларида 10,2 млн дона оддий ва 0,7 млн дона имтиёзли корпоратив акциялар 7,1 млрд сўмга сотилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Биржадан маълум қилишларича, жами 32 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 223 та битим қайд қилинган. Тижорат банклари (93,5%, 6,7 млрд сўм) ва қурилиш материаллари (1,2%, 85,5 млн сўм) тармоғига мансуб жамиятларнинг қимматли қоғозларига талаб юқори бўлган.
Ўртача кунлик савдо айланмаси ҳисобот даврида 1,4 млрд сўмни, ўртача битим қиймати эса 32 млн сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, ушбу даврда сотилган бир дона акциянинг ўртача нарх кўрсаткичи 659,5 сўмдан иборат бўлди. Ҳисобот даврининг ҳар бир кунига 2,2 млн дона корпоратив акциялар олди-сотдиси тўғри келди.
Фонд биржасида Ўзбекистоннинг 7 та ҳудудида жойлашган листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари имзоланди. Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент шаҳри (63,9%) ва Фарғона вилоятидаги (34,7%) акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди. Ўтган даврда битимларнинг 32,3% Тошкентда жойлашган корхоналар акциялари ҳиссасига тўғри келган.
Эслатиб ўтамиз, фонд биржасида йил бошидан буён акциялар а корпоратив облигациялар билан 662,3 млрд сўмлик 10,318 та савдо битими қайд қилинди. Савдоларда 117 та акциядорлик жамиятининг 10,1 млрд дона корпоратив қимматли қоғозлари сотилган.
Сурат манбаи: https://uamodna.com