“Тошкент” РФБда бир ҳафтада 20,7 млн. дона қимматли қоғозлар сотилди

Дата: 15:07, 21-02-2018.

Тошкент. 21 феврал. ЎзТАГ – 12-16 феврал кунлари “Тошкент” Республика фонд биржаси савдоларида 13 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 27 та битим қайд қилиниб, 20,7 млн. дона акциялар сотилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

РФБ маълумотларига кўра, биржанинг умумий айланмаси 323,1 млн. сўмни ташкил этган.

Ўтган муддатда савдо айланмасининг асосий қисми – 70,2 % тижорат банклари ва 2,4 % саноат тармоғидаги акциядорлик жамиятларининг қимматли қоғозларига тўғри келди.

Энг йирик битим 15 феврал санасида асосий секцияда “Ipak Yo'li” АИТБнинг 20,5 млн. дона акцияси билан 205,0 млн. сўм миқдорида тузилди. Бир дона акциянинг сотув нархи 10 сўмни ташкил қилди.

Битимлар сони бўйича етакчиликни ўтган ҳафтада ҳам “Neft ta'minot” АЖ эгаллаган ҳолда,  унинг 1,5 минг дона акцияси билан 6,2 млн. сўмлик 8 та битим амалга оширилди. Ушбу акциялар “Тошкент” РФБнинг иккиламчи бозорида сотилди.

Қимматли қоғозлар билан ўртача кунлик савдо айланмаси ҳисобот даврида 64,6 млн. сўмни, ўртача битим қиймати эса 11,9 млн. сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, ушбу даврда сотилган бир дона акциянинг ўртача нарх кўрсаткичи 15,5 сўмдан иборат бўлди.

Сурат манбаи: http://www.uzbanks.uz/%D0%BE%D0%B1%D0%BE%D1%80%D0%BE%D1%82-%D1%80%D1%84%D0%B1-%D1%82%D0%BE%D1%88%D0%BA%D0%B5%D0%BD%D1%82-%D0%B2-%D1%8F%D0%BD%D0%B2%D0%B0%D1%80%D0%B5-%D0%B0%D0%BF%D1%80%D0%B5%D0%BB%D0%B5-%D0%BF/

Янгилик билан ўртоқлашиш: