“Тошкент” РФБда биржа битимлари ҳажми 5 мартага ошди

Дата: 17:27, 09-08-2016.

Тошкент. 9 август. ЎзТАГ – 2016 йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида “Тошкент” Республика фонд биржаси (РФБ) савдо айланмасининг умумий ҳажми сўнгги беш йилнинг шу даврига нисбатан энг юқори кўрсаткич – 158,4 млрд сўмни ташкил қилиб, 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 5 мартага ошди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Биржада тузилган битимлар сонида ҳам сезиларли даражада ўсиб, 2024тани ташкил этди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,4 мартага ўсди. Ҳисобот даврида биржа савдолари орқали 88та акциядорлик жамиятининг 156,7 млн дона қимматли қоғозлари сотилди”, - деб маълум қилади РФБ.

Таъкидланишича, умумий биржа савдо айланмасида қимматли қоғозлар иккиламчи бозорининг улуши етакчилик қилиб, 62,4% ёки 98,8 млрд сўмни ташкил этди. Бундан 20,4 млрд сўмлик қисми (12,9%) акциядорлик жамиятларидаги давлат улушлари билан тузилган битимлардир. Айни пайтда бозор айланмаси 1,5 мартага ўсди.

Бундан ташқари, умумий биржа савдо айланмасида бирламчи бозор улуши 37,6%  ёки 59,6 млрд сўмни ташкил қилди. Бу эса 2015 йилнинг шу даврига  нисбатан деярли 3 мартага юқоридир.

Эслатиб ўтамизки, жорий йилнинг 31 июл ҳолатига биржа котировкалаш варағидан жой олган жамиятларнинг умумий сони 321 донани ташкил этди (2015 йил 31 июл ҳолатига 148тани ташкил этган эди).

Янгилик билан ўртоқлашиш: