“Тошкент-Ўш” автойўлининг 153 километрида кўчки тушиш хавфи юзага келди
Тошкент. 24 апрел. ЎзТАГ – “Тошкент-Ўш” автойўлининг 153 километрида кўчки тушиш хавфи юзага келди, деб хабар қилади республика ФВВ матбуот хизмати.
“А-373 “Тошкент-Ўш” автомобил йўлининг 153 (230) кмда ер кўчкиси билан боғлиқ содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида хавфсизлик нуқтаи назардан икки томонлама ҳаракат йўлнинг бир томонига ўтказилди”, - дейилади хабарда.
Муассаса матбуот хизмати маълумотларига кўра, юқоридаги ҳудудда ФВВ, ИИВ, ЙПХ, “Қамчиқавтойўл”, Наманган вилояти Поп тумани ҳокимияти ходимларидан иборат қўшма кузатув пости ташкил этилган.
Олдин хабар берилгани каби, Қамчиқ довонидаги йўлда кучли ёғингарчиликлар натижасида 40-метрлик ёриқ юзага келган. “А-373 М-39 “Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон-Андижон орқали-Ўш” автомобиль йўлининг 243,7 (166,7) километрида водий йўналиши бўйича йўлнинг ўнг томонида 80 м баландликда мавсумий ёғингарчиликлар натижасида узунлиги 40 мга тенг кўчки ёриғи пайдо бўлди”, - дейилади ФВВ хабарида.