Тошкент туманларидан бирида “Бебет” лақабли гумондор қўлга олинди

Дата: 09:49, 21-12-2017.

Тошкент. 21 декабр. ЎзТАГ – Тошкент туманларидан бирида Қозоғистонда қидирувда бўлган “Бебет” лақабли гумондор қўлга олинди , деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизматига асосланган ҳолда.

“2017 йилнинг 19 декабрь куни, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига чет эл давлатида қидирувда бўлган шахс Тошкент шаҳри ҳудудида юрганлиги ҳақида тезкор маълумот келиб тушди”, - дейилади хабарда.

Шундан сўнг таъкидланишича, ушбу маълумот асосида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан қидирувдаги жиноятчини ушлашга қаратилган тезкор режа ишлаб чиқилган. Шундан сўнг, шу куни соат 9:00ларда Яккасарой тумани, Фарход кўчасида ўтказилган тадбир жараёнида ўзини Қозоғистон Республикаси фуқароси Байтасов Айдын Танырберганович деб таништирган шахс аниқланиб ушланган. Бироқ, мазкур шахс билан ўтказилган текширув давомида у ҳақиқатда  1984 йил 20 сентябрда туғилган Молдахметов Бейбетым Кенжатай улы Қозоғистон Республикаси фуқароси, муқаддам бир неча бор судланган, уюшган жиноий гуруҳ аъзоси, лақаби “Бебет”, Қозоғистон Республикаси томонидан ЖКнинг 296-моддаси 4-қисмида (гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш) да кўрсатилган жиноятни содир этганлиги учун қидирувда эканлигини, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилганлиги аниқланди.

Ҳозирда Б.К.Молдахметовни Қозоғистон Республикасига экстрадиция қилиш масаласи ҳал этилмоқда. 

Сурат манбаи: https://rian.com.ua/analytics/20170712/1025771137.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: