Тошкент туманларидан бирининг милиционерлари зўравонни зарарсизлантирдилар

Дата: 21:21, 23-02-2017.

Тошкент. 23 феврал. ЎзТАГ – Тошкент туманларидан бирининг милиционерлари зўравонни зарарсизлантирдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

1news.uz нашри маълумотларига кўра, бу ишни Олмазор тумани ИИБ ходимлари амалга оширишди.

“Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари навбатчилик пайтида йўл четида тўхтаб турган “Матиз” автомашинасидан аёл кишининг овозини эшитиб қолдилар. Ички ишлар ходимлари автомашинанинг орқа ўриндиғида эркак киши бир қизни зўрлаётганлига гувоҳ бўлишди. Қиз қанчалик қаршилик қилмасин, эркакнинг чангалидан чиқолмасди. Милиционерлардан бири эшикни очганда, зўравон унга пичоқ уриб, чап қўлининг ички қисмини яралади, лекин орган ходими зўравоннинг қўлини қайириб, уни зарарсизлантирди”, - дейилади хабарда.

Кейинчалик 1988 йилда туғилган зўравон туман ИИБ олиб кетилди.

Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати хабарига кўра, у кечки пайтда ишдан қайтаётган қизни зўрлик билан машинасига ўтқазиб, сўнг йўл четига тўхтаб, унинг номусига тегмоқчи бўлган.

Бундан ташқари, у муқаддам судланган бўлиб, амнистия бўйича озод қилинган ва автомашинани ишончиномасиз бошқарганлиги маълум бўлди. Зўравонга нисбатан жиноят иши очилди, тергов олиб борилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: