Тошкент ва Бекобод ўртасида яна қайта қўйилган электропоезд тез орада кунига икки марта қатнай бошлайди
Тошкент. 4 октябр. ЎзТАГ – Тошкент ва Бекобод ўртасида яна қайта қўйилган электропоезд тез орада кунига икки марта қатнай бошлайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ҳозирча поезд кунига бир марта қатнамоқда. “Йўлнинг умумий узунлиги 183 км. Бу масофа 2 соату 45 дақиқа ичида босиб ўтилади. Тошкентдан чиққан электропоезд йўлда Ховос, Янгиер ва Гулистон шаҳарларида тўхтайди. Яқин орада электропоезд қатновини кунига икки маротабага етказиш режалаштирилмоқда”, - дейилади “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ахборот хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамизки, шаҳар атрофига янги поезд қатновини йўлга қўйиш таклифи Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил августда Бекободга сафари чоғида давлат раҳбари томонидан ўртага ташланган эди.