Тошкент ва Москва қиймати $16 млрдлик шартномаларни имзолашни режалаштирмоқда

Дата: 18:17, 04-04-2017.

Тошкент. 4 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифи доирасида умумий қиймати $16 млрд бўлган 55 ҳужжатлар тўплами, шунингдек, иқтисодий соҳадаги келишувларнинг имзоланиши кутилмоқда, деб хабар қилади ТАСС Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматовга асосланган ҳолда.

“Бизнинг учрашувимиз Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга илк давлат ташрифи арафасида бўлиб ўтмоқда. Мазкур ташриф Ўзбекистон-Россия кўп томонлама ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлади ва ўзаро ҳаракатларнинг янги истиқболларини очади. Ташрифга сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, ҳарбий-техникавий, миграция соҳалари, шунингдек минтақалараро ҳамкорлик, туризм ва соғлиқни сақлашга оид умумий қиймати $16 млрд бўлган 55 ҳужжатдан иборат катта тўплам тайёрланган”, - деди О.Раматов 3 апрелда ҳужжатларнинг бир қисмига имзо қўйиш бўйича Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида бўлиб ўтган маросимда.

“Биз гувоҳ бўлган қисмни имзолаш маросимига қиймати $3,5 млрддан зиёд бўлган 16та савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳужжат чиқарилган”, - деб таъкидлади у.

Раматовнинг таъкидлашича, “буларнинг бари бизнинг савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларимизни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиш имконини беради”.

Ўз навбатида, РФ иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкин “мамлакатлар корхоналари ўртасидаги янги лойиҳалар ва уларни муваффақиятли равишда амалга ошириш Россия ва Ўзбекистон иқтисодий алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши”га ишончи билдирди.

“Мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Бизда ҳали очилмаган имкониятлар кўп”, - деб давом этди Орешкин.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Россия Ўзбекистоннинг муҳим савдо ҳамкорларидан бири ва товарлар импорти бўйича биринчи ўринни эгаллаб турибди.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путиннинг таклифига кўра 4 ва 5 апрел кунларида Россияга ташриф буюради. Кремль матбуот хизматидан маълум қилишларича, 5 апрелда икки мамлакат президентларининг олий даражадаги учрашувларида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган асосий масалалар муҳокама қилиниб, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш чоралари кўриб чиқилади. Бундан ташқари, давлат раҳбарлари қатор минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашадилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: