Тошкент ва Олмота ўртасидаги доимий автобус рейслари чиптасининг баҳоси 100 минг сўм бўлади

Дата: 16:04, 11-04-2018.

Тошкент. 11 апрел. ЎзТАГ – Тошкент ва Олмота ўртасидаги доимий автобус рейслари чиптасининг баҳоси 100 минг сўм ёки 4 минг қозоқ тенгесига тенг бўлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Қайд этилган йўналишда хизмат кўрсатиш учун ўзбек томонидан ташувчи сифатида “ERKIN EMINA EXPRESS TOUR” МЧЖ белгиланди. Корхона ўз навбатида, қозоқ томони ташувчиси “ЮГ ТРАНС ЛАЙН” МЧЖ билан Қозоғистон Республикаси ҳудудида автобусларга хизмат кўрсатиш (автобуслар техник кўриги, ҳайдовчилар тиббий кўриги, автобусларни қўриқлаш ва ювиш) юзасидан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида шартнома тузди”. – дейилади Ўзбекистон автомобил транспорти агентлиги ахборот хизмати хабарида.

Йўналиш масофаси 818 км.ни, йўлдаги вақт эса 16 соат 30 дақиқани ташкил этади. Жадвалларда “Ғишт Кўприк” (Ўзбекистон) ва “Жибек Жоли” (Қозоғистон) чегара ва божхона назорат пункти текширувидан ўтиш учун 30 дақиқадан вақт ажратилган.

“Автобуслар ҳаракати жадвалига риоя этиш мақсадида, томонлар божхоначилари ва чегарачилари “Тошкент – Олмота – Тошкент” халқаро автобус йўналиши бўйича ҳаракатланаётган автобуслар ва йўловчиларни “Ғишт Кўприк” (Ўзбекистон) ва “Жибек Жоли” (Қозоғистон) чегара ва божхона назорат пунктларидан ўтиш жараёнини устувор тартибда амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этдилар, бу эса йўловчилар учун муҳим ва аҳамиятли ҳоллардан биридир”, - дейилади хабарда.

“Тошкент – Олмота – Тошкент” халқаро автобус йўналиши очилиши 2018-йил 11-апрел куни соат 16.00 да бўлиб ўтади ва мунтазам қатновлар жорий йилнинг 12-апрелидан бошлаб “Тошкент” автовокзалидан кунига 3 тадан (соат 16-00; 17-00 ва 18-00) қатнов амалга оширилади. “Олмота – Тошкент” йўналиши бўйича автобуслар қатновлари “Сайран” автовокзалидан амалга оширилади.

Сурат манбаи: https://bnews.kz/en/world_news/world/page-17

Янгилик билан ўртоқлашиш: