Тошкент ва Сеул мэриялари меморандум имзоладилар

Дата: 16:25, 06-07-2017.

Тошкент. 6 июл. ЎзТАГ – Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан Сеул шаҳар мэрияси ўртасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш тўғрисида баённома ҳамда Тошкент ва Сеул шаҳарлари ўртасида АКТ соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Расмий маълумотларга кўра, ушбу хужжатлар Корея Республикаси пойтахти Сеул шаҳри мэри Пак Вон Сун раҳбарлигидаги делегация мамлакатга ташрифи доирасда имзоланган. Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов билан мулоқот чоғида Тошкент ва Сеул шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалалари ҳақида сўз юритилди. 

Меҳмонларга Тошкент шаҳрида транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини модернизация қилиш, саноат ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. 

Сеул шаҳри мэри Пак Вон Сун Тошкент шаҳри билан кенг қамровли, тизимли ва узоқ муддатли ҳамкорлик қилиш тарафдори эканини таъкидлади. Пойтахтимизни 2030 йилгача ривожлантириш бўйича режаларни юқори баҳолаб, бу борадаги ишларда Жанубий Кореянинг шаҳарсозлик, транспорт, ахборот технологиялари, сервис ва бошқа соҳалардаги тажрибаси, ноу-хаулари билан қатнашиш ниятини билдирди. 

Тошкент ва Сеул шаҳри бизнес вакилларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш, кичик бизнес соҳасига инвестициялар жалб этиш, тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри алоқаларини йўлга қўйишга келишиб олинди. 

Пойтахтимиздаги Сеул боғида мамлакатимизда корейс миллати вакиллари истиқомат қилаётганининг 80 йиллиги муносабати билан ёдгорлик монументи очилди. Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов, Сеул шаҳри мэри Пак Вон Сун, Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У, Ўзбекистон корейс маданият марказлари уюшмаси раиси Виктор Пак ва бошқалар нутқ сўзладилар.

 Корейс халқи номидан ўзбек халқининг бағрикенглиги ва меҳрибонлиги учун чуқур миннатдорлик рамзи сифатида очилган ушбу монумент халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бораётганининг амалий ифодаси экани қайд этилди. 

Тақдир тақозоси билан бир пайтлар юртимизга келиб қолган корейслар ўзбеклар билан дўст-биродар бўлиб кетган, жамиятимизнинг фаол аъзоларига айланган. Корейс миллатига мансуб ватандошларимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатида, маҳаллий Кенгашларда, бошқарув органларида, иқтисодий-ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида фаолият юритмоқда. 

Халқаро ҳамкорлик марказида шаҳар жамоат транспортини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон – Жанубий Корея конференцияси бўлиб ўтди. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: