Тошкент вилояти педагогика институтининг ўрнига мактаб-интернат ва лицей ташкил этилади

Дата: 13:25, 22-09-2014.

Тошкент. 22 сентябр. ЎзТАГ – 2014/2015 ўқув йилида айни пайтда тугатилаётган Тошкент вилоят педагогика институти ўрнида алоҳида фанлар чуқур ўқитиладиган 540 ўринли мактаб-интернат ва Ўзбекистон Жаҳон тиллари университети қошидаги 450 ўринга мўлжалланган Ангрен академик лицейи ташкил этилади, деб хабар қилади UzDaily.uz.

Институтни тугатиш ишлари Ўзбекистон ҳукуматининг 18 сентябрда қабул қилинган “Тошкент вилоятидаги таълим муассасаларини оптималлаштириш ва самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қарорига биноан амалга оширилмоқда.

Ихтисослашган мактаб-интернат Тошкент вилояти маҳаллий бюджети ва қонунчиликда таъқиқланмаган бошқа манбалардан, академик лицей эса республика бюджетидан молиялаштирилади.

Тугатилаётган Тошкент вилоят педагогика институтининг Ангрен, Бекобод шаҳарлари, Бўка, Оҳангарон ва Оққўрғон туманларидаги ахборот ресурс марказлари касб-ҳунар коллежларига берилади, дейилади хужжатда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: