Тошкент вилоятида машина ўғирлашда гумондор қўлга олинди
Тошкент. 13 октябр. ЎзТАГ – Тошкент вилоятида “Нексия” русумли автомобилни ўғирлашда гумондор қўлга олинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ИИБ навбатчилик қисмига Тошкент шаҳарида яшовчи фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, ўзининг “Нексия” русумли автомобили номаълум шахс томонидан олиб қочиб кетилгани ҳақида хабар қилди. Воқеа жойига этиб келган ички ишлар органлари ходимлари томонидан аниқланишича, ариза муаллифи автомашинасини “Телов” қишлоқ фуқаролар йигъини ҳудудида жойлашган “Ангрен арматура изоляторлаш заводи” МЧЖ олдида қаровсиз қолдирганлиги оқибатида олиб қочиб кетилганлиги маълум бўлган”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси ИИВ матбуот хизмати хабарида.
Тезкорлик билан олиб борилган чора-тадбирлар натижасида олиб қочилган автомашина Ангрен шаҳрида тўхтатилди. “Жиноятни содир этишда гумонланувчи шахс Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшовчи 47-ёшли фуқаро бўлиб чиқди. Мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, - деб хулоса қилинади хабарда.