Тошкент вилоятида оғирлиги 6 тонналик палов тайёрланди

Дата: 18:28, 18-08-2017.

Тошкент. 18 август. ЎзТАГ – Тошкент вилоятида оғирлиги 6 тонналик палов тайёрланди, деб хабар беради ЎзТАГ маҳаллий ОАВ асосланган ҳолда.

Хабар берилишича, Ўзбекистондаги энг катта палов 17 август куни Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида Milliy телеканали ташаббуси билан тайёрланган.

Ташкилотчиларнинг маълумотларига кўра, палов тайёрланган қозоннинг диаметри 4,2 метр, ҳажми деярли 8 минг литр, қозоннинг умумий оғирлиги 7070 кг, чуқурлиги 1 метр бўлган. Ўчоқнинг оғирлиги эса деярли 3 тоннани ташкил қилган. Қозон Олмалиқ кон-металлургия комбинатида мазкур тадбир учун махсус қуйилган.

Қайд этиш зарурки, паловни тайёрлаш учун 826 кг мол гўшти, 825,5 кг қўй гўшти, 195 кг думба ва энг асосийси, 1650 кг гуруч, 2400 кг сабзи, 185 кг пиёз, 350 литр ўсимлик ёғи, 480 кг туз ишлатилди. Шунингдек, 4,5 кг зира, 165 кг зирк, 90 кг нўхат ва 3 кг қора мурч билан паловнинг таъми ростланди.

Таъкидланишича, паловни тайёрлаш учун Ўзбекистоннинг 50дан зиёд таниқли ошпазлари жам бўлишди. Улар таомни 2 метрдан узунроқ капгирларда аралаштириб, сузишди. Маълум қилинишича, тайёр таом тадбир меҳмонлари ҳамда Олмалиқнинг 22 мингдан зиёд аҳолисига тарқатилди.

Умумий ҳисобда, мега паловни тайёрлаш, тарқатиш – ташкилотчилик ишларига турли касблардаги 150 киши ҳисса қўшди.

Milliy телеканали маълумотларига кўра, бу тадбир дунёдаги энг катта паловни тайёрлаш олдидан репетиция жараёни эди. Ўзбекистонда тайёрланган энг катта палов бўйича дунё рекордини ўрнатиш ва уни Гиннес рекордлари китобига киритиш учун расмий уриниш шу йилнинг 8 сентябрида Milliy телеканалининг 1 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган “Ўзбегим” Миллий қадриятлар фестивали доирасида бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамизки, 2016 йил декабрда ўзбек палови ЮНЕСКОнинг инсоният номоддий маданий меъроси рўйхатига киритилган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: