Тошкент вилоятидаги мактаб директори мажбурий обуна учун ишдан бўшатилди

Дата: 11:32, 12-02-2019.

Тошкент. 12 феврал. ЎзТАГ – Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги 10-умумий ўрта таълим мактабининг директори ўқитувчиларини даврий нашрларга обунага мажбурлаганлиги учун ишдан бўшатилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўрганиш жараёнида ушбу мактаб директори Шавкатжон Ризаев ҳар бир педагог ходимга жорий йилнинг январ ойи иш ҳақини нақд пул кўринишида олишларини маълум қилиб, уларни обунага мажбурлагани аниқланди”, - дейилади халқ таълими вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.

Қайд этилишича, Халқ таълими вазирлигининг назорат-ҳуқуқий хизмати директорниннг ноқонуний ҳаракатларига олдин ҳам эътибор қаратган. Мактаб директори декабр охирида мактабнинг айрим ўқитувчилари лавозим вазифаларига зид бўлган аҳолини рўйхатга олиш ишларига жалб этилганлиги учун Ўзбекистон Меҳнат Кодексининг 181-моддаси 1-қисмига асосан ҳайфсан эълон қилинган эди.

“Лекин мактаб раҳбари ўзига берилган интизомий жазодан тегишли хулоса чиқармай, такроран 2019 йил учун 8 турдаги журналлар обунасига ўқитувчилардан пул йиғишни ташкиллаштиргани маълум бўлди”, - дейилади хабарда.

Ўрганиш натижасига кўра Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғининг буйруғига асосан директор билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Сурат манбаи: ladyelena.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: