Тошкент ялпи бюджетининг ярмидан кўпи ижтимоий соҳага йўналтирилади

Дата: 18:27, 11-01-2017.

Тошкент. 11 январ. ЎзТАГ – Тошкент ялпи бюджетининг ярмидан кўпи: 2 трлн 499 млрд 125 млн 228 минг сўмдан 1,393 трлн сўми ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бюджетга энг катта даромадлар ободонлаштириш ва ижтимоий тузилмани ривожлантириш солиғи (619,642 млрд сўм), жисмоний шахслардан транспорт воситалари учун бензин, дизел ёқилғиси ва газ истеъмоли учун солиқ (454,733 млрд), юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ (345,103 млрд) ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган қатъий белгиланган даромад солиғидан (215,127 млрд) келиб тушади.

Ижтимоий соҳа харажатлари таркибида маблағларнинг асосий қисми маориф (808,348 млрд), соғлиқни сақлаш (528,448 млрд), маданият ва спортга (23,994 млрд) йўналтирилади.

Умуман олганда Ўзбекистон пойтахтининг бюджети камомадсиз: даромадлар харажатлар сингари 2 трлн 499 млрд 125 млн 228 минг сўмни ташкил қилади.

Тошкент шаҳар ҳокимияти сайтида Ўзбекистон пойтахтининг 2017 йилги бюджети эълон қилинган. Хужжат 29 декабр куни Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг ўн саккизинчи сессиясида қабул қилинган. 2016 йил 31 декабрда шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов томонидан тасдиқланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: