Тошкент ЙПХ инспекторлари хизмат кийими устига ўрнатидладиган камераларни синашни бошладилар

Дата: 17:04, 30-05-2018.

Тошкент. 30 май. ЎзТАГ – Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ “body camer”, яъни йўл-патруль хизмати ходимлари учун мўлжалланган ҳолатни қайд этиб борувчи видео камераларни синовдан ўтказишни бошлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) пойтахт ИИББ матбуот хизматига таянган ҳолда.

“Ушбу видео камера ходимнинг кунлик иш фаолияти, ҳайдовчилар билан ўзаро мулоқотини узлуксиз ёзиб боради. Камералар ягона бошқарув тизимига уланган бўлиб, марказий аппарат томонидан бошқарилади. ЙПХ ходимининг камера ёзувини тўхтатиб қўя олмаслиги, қайд этилган тасвирни ўчира олмаслиги тизимда коррупциянинг олдини олишга, вазиятларни ҳаққоний ўрганиш ва адолатли чора-тадбирлар кўришга ёрдам беради”, - деб таъкидланади муассаса хабарида.

ИИББ режаларига кўра, тажриба бир ой давом этади. Шундан кейин бу замонавий ускуналарни йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати фаолиятида қўллаш бўйича қарор қабул қилинади.

Эслатиб ўтамизки, инспекторлар ишини қайд этиб борувчи видео камераларни қўллаш ташаббуси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга тегишли.

Сурат манбаи: http://repost.uz/

Янгилик билан ўртоқлашиш: