Тошкент юридик коллежи ўқувчилари пичоқбозлик чиқаришди

Дата: 13:42, 09-10-2017.

Тошкент. 9 октябр. ЎзТАГ –  Тошкент юридик коллежининг уч ўқувчиси ўқув муассасининг ўзида пичоқбозлик уюштиришди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

6 октябр тахминан 10:05ларда пойтахтнинг Учтепа туманидаги Тошкент юридик коллежи ҳудудида учинчи босқич ўқувчилари Саидкамрон Саидвоҳидов, Асабдек Парпибоев ва Раҳматулла Ёрқориев ўртасида жанжал келиб чиқди.

“17 ёшли Саидкамрон Саидвалиев Асадбек Парпибоев ва Раҳматулла Ёрқориевга пичоқ билан бир мартадан тан жароҳати етказади. Натижада Асадбек Парпибоев “чап сон юқори учлиги санчилиб кесилган жароҳати, фаол қон кетиши” ташхиси билан Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқазилган. Бироқ врачларнинг ҳаракатларига қарамасдан олган тан жароҳати оқибатида шифохонада вафот этган. Раҳматулла Ёрқориевга зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб, сўнгра уйига жўнатиб юборилган”, - деб таъкидлашди ИИББ матбуот хизматида.

Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси мазкур факт юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатди.

Кейинчалик Адлия вазирлиги ўз қарамоғидаги коллеж директори Наталья Темировани вазифасидан озод қилгани маълум бўлди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: