Тошкентда 1,4 тоннадан зиёд наркотик моддалар йўқ қилинди

Дата: 13:57, 28-06-2016.

Тошкент. 28 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Тошкентда 1,4 тоннадан зиёд наркотик моддаларни йўқ қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Хусусан, оператив ходимлар 145 килограмм героинни, 655 килограмм афюнни, 115 килограмм нашани, 496 килограмм марихуанани, 27 килограмм кўкнорни йўқ қилдилар. Шу билан бирга ҳапдори ва қоришмалар шаклидаги катта миқдорли гиёҳванд моддалар ҳам йўқ қилинди”, - дейилади МХХ хабарида.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги гиёҳванд моддаларни назорат қилиш бўйича миллий ахборот-таҳлил маркази берган маълумотларига кўра, 2015 йилда Ўзбекистонда наркожиноятлар билан боғлиқ 6648 мингта ҳолат қайд этилган. Уларнинг ярмидан кўпи гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси билан боғлиқ. Қолган жиноятлар наркотик моддалар мавжуд ўсимликларни етиштириш ва бошқа наркожиноятлардир.

2015 йилда Ўзбекистонда 2,5 тонна наркотиклар ноқонуний айланмадан олиб қўйилган. Булар асосан героин, афюн, гашиш, марихуана, кўкнор моддаларидир.

Жиноятчилар наркотикларни республикага асосан Тожикистон ва Қирғизистон орқали олиб киришга уринмоқдалар. Амударё орқали Сурхондарё вилоятига, жанубий-шарқдан Самарқанд ва Сирдарё вилоятларига ҳамда шимолий-шарқдан Фарғона водийси ва Тошкент вилоятига олиб киришга уриниш ҳоллари кузатилмоқда.

2015 йилда Ўзбекистонда наркожиноятларга алоқадорлик учун қўлга олинган шахсларнинг 138таси хорижий давлатлар фуқароларидир. Улардан 364 кг наркотик моддалар, 1,4 мингдан зиёд психотроп моддалар ҳапдорилари ва бошқа наркотиклар олиб қўйилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: