Тошкентда 16 млн қушни чизган ҳинд рассоми Шри Чинмоянинг кўргазмаси бўлиб ўтади

Дата: 17:17, 13-10-2015.

Тошкент. 13 октябр. ЎзТАГ – 14-26 октябрда Тошкентдаги “Bonum Factum” галереясида ҳинд рассоми Шри Чинмоянинг “Қуш-Руҳлар” кўргазмаси бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Галереядан маълум қилишларича, экспозицияга муаллифнинг 30 график ишлари киради. “Ҳар биримизнинг ичимизда руҳ номли мавжудод бор. У қуш каби чексизлик осмонига парвоз қилади”, дейди кўргазма муаллифи.

Шри Чинмоянинг асарлари Луврда қўйилган бўлиб, ҳозирда бутун дунёда намойиш этилади. Шунингдек, кўргазмада унинг ижодий устахонаси ҳам ишлаб, бу ерда меҳмонлар ўзларини рассом сифатида синаб кўришлари мумкин бўлади.

Маълумот ўрнида, Шри Чинмой 1931 йилнинг 27 августида Шарқий Бенгалиядаги Шакпура қишлоқчасида туғилган. Шунингдек, рассом “Тинчлик югуриши” номли бутунжаҳон эстафетасининг ҳам ташаббусчиси, композитор ва адабиётчи ҳамдир.

Шри Чинмой қаламда чизилган қушлар сериясини 1991 йил декабрда бошлаган. Қуш образи эса тинчлик ва озодлик рамзи бўлиб, рассом ундан ўз ижодида кенг фойдаланади.

Жами Шри Чинмой 16 млн қуш суратини чизган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: