Тошкентда $617 млндан ортиқ маблағга 19 та янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда

Дата: 11:31, 21-05-2019.

Тошкент. 21 май. ЎзТАГ – Тошкентда $617 млндан ортиқ маблағга 19 та янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев 20 май куни Тошкент шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

"Аввал берилган топшириқларга мувофиқ Тошкент шаҳрида амалга ошириш учун умумий қиймати $617 млндан ортиқ 19 та янги инвестиция лойиҳаси тайёрланди. Саноат лойиҳалари доирасида 10 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади. Ҳар йили $1 млрдга талаб юқори бўлган маҳсулотлар ҳажмини ишлаб чиқариш ва $290 млндан ортиқ маблағлик товарлар экспорт қилиш имкони пайдо бўлади", - дейилади хабарда.

Таъкидланганидек, лойиҳаларда юқори қўшимча қиймат ва маҳаллийлаштириш даражаси юқори бўлган маҳсулотлар, жумладан, кенг турдаги маиший техника, лифт ва эскалаторлар, насослар, сув иситгичлари, қоғоз ва қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший кимё воситалари, заргарлик буюмлари ва шиша маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда", - деб қайд этилади хабарда.

Инвесторлар ва ташаббускорлар ўзларининг лойиҳалари ҳақида тақдимотлар ўтказилганлиги қайд этилади. Корхона 2019-2020 йилларда фойдаланилмаётган иншоотлар ва Тошкент механика заводи майдонлари негизида ишга туширилиши режалаштирилган.

Президентимиз бундай лойиҳалар талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва аҳолини иш билан таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади, тақдим этилган лойиҳаларни тезкор ишга тушириш, мавжуд шаҳар инфратузилмасидан самарали фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берди.

Шунингдек, мутасаддиларга талаб юқори бўлган саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этишни назарда тутувчи умумий қиймати $1 млрддан кам бўлмаган қўшимча лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш топширилди.

 

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: