Тошкентда АҚШ элчихонаси кўмагида тил форуми бўлиб ўтди
Тошкент. 7 феврал. ЎзТАГ – Тошкентда Ўзбекистон олий ўқув юртлари ўқитувчилари учун “Инглиз тили мулоқот учун асосий воситадир” номли халқаро конференция бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Жаҳон тиллари университетида бўлиб ўтган форум Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси билан олиб борилаётган ҳамкорликнинг меваси саналади.
Элчихона маълумотига кўра, конференция “Ўзбекистонда хорижий тиллар” веб-портали, илмий ва услубий электрон журнал ҳамда чет тилларни ўқитиш бўйича Инновациялар миллий тадқиқот маркази томонидан ташкил этилди.
Унда 250 нафар иштирокчи, жумладан Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакиллари, Марказий Осиёдан келган америкалик мутахассислар, муаллимларни ўқитиш ва малакасини ошириш марказлари ходимлари, Ўзбекистоннинг барча вилоятларидаги олий таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган инглиз тили ўқитувчилари ҳамда чет эллик мутахассислар қатнашди.
Анжуман доирасида ялпи мажлислар, маҳорат сабоқлари, китоб лотереяси ва соҳага оид бошқа қизиқарли машғулотлар ўтказилди. Ташкилотчилар инглиз тили ўқитувчилари тақдим этган маърузалар орасидан 80 тасини танлаб олиб, анжуман материаллари тўпламига киритишди ва бу тўплам компакт дискларда тарқатилди.