Тошкентда “Абадийлик лаҳзалари” номли кўргазма бўлиб ўтади
Тошкент. 29 октябр. ЎзТАГ – 6 ноябрдан 6 декабрга қадар Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида рассом Марат Содиқовнинг “Абадийлик лаҳзалари” номли кўргазмаси бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Галереядан маълум қилишларича, Содиқов замонавий рассомлар орасида ўзининг ўрнига эга. Унинг қалами ўзига хослиги билан ажралиб туради. Унинг расмларида ҳаёт ҳақиқатига ўзига хос назар ва кайфият сезилади.
Бунда унинг кичик ватани бўлган Бухоронинг ҳам ўзига хос ҳиссаси бор. Ушбу мавзу рассомнинг бутун ижодида сезилиб туради.
“Барча ўтган йиллар давомида Бухоро ва Ўзбекистоннинг табиати ижодимнинг асосий мавзуси бўлиб келмоқда. Бу ерда мен анъанавий, шу билан бирга бетакрор жозибага эга бўлган янги дунёни кашф қилдим. Унинг донолиги, бутунлиги ва оддийлиги кишини мафтун қилади. Шу сабабли мен акварел серияларида унга тез-тез мурожаат қиламан”, - дейди бу ҳақида рассомнинг ўзи.


