Тошкентда АКТ мутахассислари учун бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтмоқда

Дата: 17:11, 24-03-2017.

Тошкент. 24 март. ЎзТАГ – Тошкент ва вилоятлар марказларида ахборот технологиялари ва коммуникациялар (АКТ) соҳаси мутахассислари учун бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги маълумотларига кўра, тадбирдан кўзланган мақсад – компания, ташкилот ва корхоналарга, давлат идораларига замонавий билимларга эга истеъдодли ва истиқболли кадрларни жалб қилиш, ёш мутахассисларга ишга жойлашишда кўмаклашишдан иборат.

Тошкент шаҳри ва мамлакатнинг барча ҳудудларида ўтказилаётган ярмаркага ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида фаолият юритувчи 100 та корхона ва муассасалар, шунингдек давлат органлари мавжуд иш ўринлари билан қатнашмоқдалар.

Ярмаркада Тошкент ахборот технологиялари университети, унинг ҳудудий филиаллари, соҳага бириктирилган 72 та академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини турли мутахассисликлар бўйича 20 минг нафардан зиёд ёшларнинг иштироки кутилмоқда.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳар йили анъанавий равишда ўтказиладиган тадбир иш берувчилар, ўқув мкуассасалари ва ёш мутахассислар ўртасида алоқаларни йўлга қўйишга кўмаклашади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: