Тошкентда АКТ ривожлантириш бўйича ўзбек-корейс форуми бўлиб ўтди

Дата: 16:59, 19-04-2016.

Тошкент. 19 апрел. ЎзТАГ – Тошкентда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш масалалари бўйича ўзбек-корейс илмий амалий форуми бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Форум ишида иштирок этиш учун Корея Республикасининг илмий ва ибилармон доираларидан иборат делегация ташриф буюрди. Жумладан, делегация таркибида «Скайлэйк Инвестментс Ко» компаниясининг ижрочи директори ва раиси Чин Тедже ҳам бор. Эслатиб ўтамиз, у бир неча йиллар Корея Республикасининг Ахборот ва коммуникация вазирлигига раҳбарлик қилган, ундан аввалроқ эса узоқ йиллар давомида Samsung Electronics Co. компаниясини  бошқарган”, - деб таъкидлашди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида.

Форум иккита сессияга бўлинди. Биринчи сессияда маҳаллий IT-бизнес вакиллари иштирок этишди. Тадбир давомида томонлар ишбилармон доиралар ҳамда олий ўқув юртлари ўртасида юқори малакали IT-мутахассисларни тайёрлаш борасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

Иккинчи сессия давлат ва хўжалик бошқаруви органлари вакиллари учун ташкил этилди. Мазкур сессия қатнашчилари АКТ тармоғини ривожлантиришда давлат сиёсати, АКТнинг миллий иқтисодиётимиз учун муҳимлиги, венчур фондларни ташкил этиш каби масалаларни кўриб  чиқишди.

Бундан ташқари, форум доирасида Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида Маслаҳат Кенгашини ташкил этиш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ушбу кенгаш университетга барча соҳаларда, жумладан, университет томонидан замонавий бозор талабларига мос келадиган мутахассисларни тайёрлаш, изланишлар олиб бориш, молиявий ва техник лойиҳаларга кўмаклашувда, инвестициявий лойиҳаларда маслаҳат ва тавсиялар беради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: