Тошкентда анъанавий Хитой тиббиёти клиникаси қурилади
Тошкент. 29 ноябрь. ЎзТАГ – Тошкентда анъанавий Хитой тиббиёти клиникаси қурилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотларига кўра, 28 ноябрь куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг "Beizhong Yilin Pharm Tech" компанияси президенти Линь Сюэжун билан учрашуви бўлиб ўтди.
"Бугунги кунда анъанавий Хитой тиббиёти марказини қуриш бўйича ишлар олиб борилмоқда, унда ўзбек шифокорлари учун ўқув дастурлари ҳам ташкил этилади. Марказ яқин вақтларда очилиши режалаштирилган. Инвестициянинг навбатдаги босқичи Тошкентда замонавий асбоб-ускуналар асосида анъанавий тиббиёт катта клиникасини ташкил этиш бўлади", - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, август ойида Л.Сюэжун Тошкент фармацевтика институти ректори И.Алимжонов билан учрашди. Учрашувда томонлар Абу Али ибн Сино (Авиценна) ютуқлари асосидаги тиббиёт ва Хитой анъанавий тиббиёти бўйича қўшма ўқув курсларини ташкил этиш, шунингдек, илмий ютуқлар бўйича қўшма тадқиқотлар ва алмашувлар масалаларини муҳокама қилдилар.
Сурат манбаи: tashkent.uz